Ўзбекистон Республикасининг қонуни таълим тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг қонуни таълим тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Таълим тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 19 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2020 йил 7 августда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат аккредитацияси — давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек нодавлат таълим ташкилотлари (бундан буён матнда таълим ташкилотлари деб юритилади) фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлигининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда уларнинг битирувчиларига маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқининг тақдим этилишидан иборат жараён;

давлат таълим муассасаси — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулки бўлган мол-мулк негизида ташкил этилган, давлат таълим стандартларига ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим берадиган муассаса;

давлат таълим стандартлари — давлат томонидан таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан белгиланадиган талаблар мажмуи;

давлат таълим талаблари — таълимнинг тузилмасига, мазмунига ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига, шунингдек таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ҳамда касбий сифатларига қўйиладиган мажбурий талаблар;

малака — шахснинг касбий фаолиятнинг муайян турини бажаришга тайёргарлигини ифодалайдиган, маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат билан тасдиқланадиган билим, қобилият, маҳорат ва кўникмалар даражаси;

мутахассислик — малака бериш билан якунланадиган муайян касбий тайёргарлик турининг номи;

нодавлат таълим ташкилоти — давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;

тарбия — аниқ мақсадли ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида ёш авлодни ҳар томонлама камол топтиришга, уларнинг онгини, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва дунёқарашини шакллантиришга қаратилган тизимли жараён;

таълим — таълим олувчиларга чуқур назарий билим, малакалар ва амалий кўникмалар беришга, шунингдек уларнинг умумтаълим ва касбий билим, малака ҳамда кўникмаларини шакллантиришга, қобилиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли жараён;

таълим кампуси — ягона ҳудудда бирлаштирилган ўқув биноларини, илмий-тадқиқот институтларини (марказларини), ишлаб чиқариш мажмуалари ва технопаркларни, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг вақтинча яшаш жойларини, лабораторияларни, ахборот-ресурс марказларини (кутубхоналарни), спорт иншоотларини, умумий овқатланиш объектларини ўз ичига олган бинолар ҳамда иншоотлар мажмуидан иборат бўлган, ўқув жараёни, маънавий-ахлоқий тарбиянинг юқори самарадорлигини таъминлайдиган таълим-тарбия муҳити;

таълим-тарбия жараёни иштирокчилари — таълим олувчилар, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари, педагог ходимлар ва уларнинг вакиллари;

таълим ташкилотлари аттестацияси — таълим ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатини аниқлаш бўйича давлат назоратининг асосий шакли.

4-модда. Таълим соҳасидаги асосий принциплар

Таълим соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

таълим устуворлигининг тан олиниши;

таълим олиш шаклини танлаш эркинлиги;

таълим соҳасида камситишларга йўл қўйилмаслиги;

таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши;

таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти;

таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;

ўн бир йиллик таълимнинг ҳамда олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлашнинг мажбурийлиги;

давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

ўқув дастурларини танлашга доир ёндашувнинг ягоналиги ва табақалаштирилганлиги;

инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши;

жамиятда педагогларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг кафолатланганлиги;

таълим тизимининг дунёвий хусусиятга эгалиги;

билимлилик, қобилиятлилик ва истеъдоднинг рағбатлантирилиши;

таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувининг уйғунлиги;

таълим фаолияти соҳасидаги очиқлик ва шаффофлик.

5-модда. Таълим олиш ҳуқуқи

Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Таълим олиш ҳуқуқи:

таълим ташкилотларини ривожлантириш;

таълим ташкилотларида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ўқув дастурларини инновацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга ошириш;

ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий) таълим олишни ташкил этиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

умумий ўрта, ўрта махсус таълимни ва бошланғич профессионал таълимни бепул олиш;

оилада ёки мустақил ўқиш орқали таълим олган фуқароларга, шунингдек умумий ўрта таълим олмаган шахсларга аккредитациядан ўтган давлат таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш орқали таъминланади.

Чет эллик фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида таълим олишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.

2-боб. Таълим тизими, турлари ва шакллари

6-модда. Таълим тизими

Таълим тизими:

давлат таълим стандартларини, давлат таълим талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини;

давлат таълим стандартларини, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларини амалга оширувчи таълим ташкилотларини;

таълим сифатини баҳолашни амалга оширувчи ташкилотларни;

таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасаларни;

таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларини, шунингдек уларнинг тасарруфидаги ташкилотларни ўз ичига олади.

Таълим тизими ягона ва узлуксиздир.

7-модда. Таълим турлари

Таълим турлари қуйидагилардан иборат:

мактабгача таълим ва тарбия;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;

профессионал таълим;

олий таълим;

олий таълимдан кейинги таълим;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

мактабдан ташқари таълим.

8-модда. Мактабгача таълим ва тарбия

Мактабгача таълим ва тарбия болаларни ўқитиш ва тарбиялашга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган таълим туридир.

Мактабгача таълим ва тарбия олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлашни ҳам назарда тутади.

Мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш тартиби ушбу Қонун, шунингдек «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

9-модда. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим ўқув дастурларини, зарур билим, малака ҳамда кўникмаларни ўзлаштиришга қаратилган.

Умумий ўрта таълим (I — XI синфлар) босқичлари қуйидагилардан иборат:

бошланғич таълим (I — IV синфлар);

таянч ўрта таълим (V — IX синфлар);

ўрта таълим (X — XI синфлар).

Умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Бошланғич таълим таълим олувчиларда умумий ўрта таълимни давом эттириш учун зарур бўлган саводхонлик, билим, малака ва кўникмалар асосларини шакллантиришга қаратилган.

Таянч ўрта таълим ўқув дастурига мувофиқ таълим олувчиларга билим, малака ва кўникмаларнинг зарурий ҳажмини беради, уларда мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиради.

Таянч ўрта таълим доирасида (VII синфдан сўнг) таълим олувчиларда касблар бўйича бирламчи билим ва кўникмаларни шакллантириш учун уларни профессионал ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича чоралар амалга оширилади.

Ўрта таълим ўқув дастурига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмалар ўзлаштирилишини, шунингдек таълимнинг кейинги тури танланишини ҳамда юқори малака талаб қилинмайдиган касблар эгалланишини таъминлайди.

Профессионал ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек таълим олувчиларни юқори малака талаб қилинмайдиган касбларга тайёрлаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Умумий ўрта таълим умумий ўрта таълим ташкилотларида узлуксиз тарзда, мажбурий бўлган ўн бир йил давомида амалга оширилади.

Ўрта махсус таълим академик лицейларда тўққиз йиллик таянч ўрта таълим асосида икки йил мобайнида амалга оширилади ва таълим олувчиларнинг интеллектуал қобилиятларининг жадал ривожланишини, шунингдек чуқур, табақалаштирилган, касб-хунарга ва шахсга йўналтирилган таълим олишини таъминлайди.

Нодавлат таълим ташкилотларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўлов-шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Иқтидорли ва истеъдодли болаларнинг қобилиятини ривожлантириш учун Президент, ижод ва бошқа ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек мактаб-интернатлар ташкил этилиши мумкин.

Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида инклюзив шаклда ёки уй шароитларида якка тартибда таълим олади.

Умумий ўрта таълим ташкилотларининг синфларида (гуруҳларида) таълим олувчилар сони ўттиз беш нафардан ошмаслиги керак.

10-модда. Профессионал таълим

Профессионал таълим эгалланадиган касб ва мутахассислик бўйича қуйидаги даражаларни ўз ичига олади:

бошланғич профессионал таълим;

ўрта профессионал таълим;

ўрта махсус профессионал таълим.

Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шакли бўйича умумтаълим фанларининг ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида касблар ҳамда мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, давомийлиги икки йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус таълим ҳамда бошланғич профессионал таълим негизида амалга оширилади.

Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда умумий ўрта, ўрта махсус, бошланғич профессионал ва ўрта профессионал таълим негизида давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида касблар ҳамда мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, давомийлиги камида икки йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) олган фуқаролар ҳам ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим олиш ҳуқуқига эга.

Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар таълим олувчиларнинг ўзи танлаган касбга ва мутахассисликка эга бўлишини таъминлайди.

Фуқаролар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги профессионал таълимни олиш ҳуқуқига эга.

11-модда. Олий таълим

Олий таълим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминлайди.

Олий маълумотли кадрларни тайёрлаш олий таълим ташкилотларида (университетлар, академиялар, институтлар, олий мактаблар) амалга оширилади. Умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич профессионал таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич профессионал таълим) олган шахслар, шунингдек ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) олган шахслар олий маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Олий таълим икки босқичга — бакалавриат ва магистратура босқичига эга.

Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар берадиган, ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир.

Магистратура тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича ўқиш давомийлиги камида бир йил бўлган олий таълимдир.

Магистратура мутахассисликларининг ва уларга мувофиқ бўлган бакалавриат таълим йўналишларининг рўйхати таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан белгиланади.

Фуқаролар шартнома асосида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш ҳуқуқига эга.

12-модда. Олий таълимдан кейинги таълим

Олий таълимдан кейинги таълимни олий таълим ва илмий ташкилотларда олиш мумкин.

Олий таълимдан кейинги таълим докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчанлик асосида илмий даражага эга илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни таъминлайди.

Таянч докторантура фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳисобланади.

Докторантура фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳисобланади.

Мустақил изланувчилик фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳисобланади.

Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, илмий даражалар ва илмий унвонлар бериш тартиби, шунингдек ҳарбий, тиббиёт ва бошқа таълим ташкилотларида олий таълимдан кейинги таълим олиш хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Олий таълимдан кейинги таълимнинг давом этиш муддати қонун ҳужжатларида белгиланади.

13-модда. Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

Кадрларни қайта тайёрлаш таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлайди.

Кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ва муддатлари тегишли давлат таълим талаблари билан белгиланади.

14-модда. Мактабдан ташқари таълим

Болаларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш, бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек тижорат ташкилотлари маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт йўналишидаги мактабдан ташқари таълим ташкилотларини ташкил этиши мумкин.

Мактабдан ташқари таълим болаларга узлуксиз таълим беришнинг таркибий қисми сифатида уларнинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантиришга, маънавий эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган.

Мактабдан ташқари таълим ташкилотлари жумласига болалар, ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, «Баркамол авлод» болалар мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, студиялар, ахборот-кутубхона ҳамда соғломлаштириш муассасалари киради.

Мактабдан ташқари таълим бериш тартиби таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан белгиланади.

15-модда. Таълим олиш шакллари

Таълим олиш шакллари қуйидагилардан иборат:

ишлаб чиқаришдан ажр

Foydali Manzillar